Skip to the content
ОИВ инфекциясига қарши кураш чоралари кучайтирилди. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда одам иммунитет танқислиги вируси инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирлари концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Концепция қуйидагиларни ўз ичига олади: ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирларининг мақсади ва асосий вазифалари; ОИВ касаллигининг жорий ҳолати ва мавжуд муаммолари; ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашишнинг устувор йўналишлари; кутилаётган натижалар. Концепциянинг асосий мақсадлари: • аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини тарқалишини камайтириш; • ОИВ инфекциясининг аҳоли, айниқса ёшлар орасида тарқалишининг олдини олиш масаласида аниқ мақсадга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш; • аҳолининг турли қатламлари, шунингдек, ОИВ инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори гуруҳлар, ОИВ инфекцияси билан касалланган беморларнинг яқинлари орасида тушунтириш ишлари қамровини янада ошириш; • ёшлар, айниқса ўсмирлар орасида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича ўтказиладиган турли тарғибот-ташвиқот тадбирларида ОИВ билан касалланган фуқароларга нисбатан бағрикенглик, инсонийлик муҳитини шакллантириш; • ижтимоий тармоқларда ОИВ инфекцияси хавфини мунтазам ёритиб борувчи алоҳида блоглар/сайтлар фаолиятини йўлга қўйиш. Ҳужжат билан Ўзбекистонда одам иммунитет танқислиги вируси инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирлари концепциясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди. У қуйидагилардан иборат: ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар рўйхати; ушбу тадбирларни амалга ошириш механизмлари; бажариш муддатлари; тадбирларни молиялаштириш манбалари; масъул ижрочилар рўйхати. «Йўл харитаси»да жами 23 та тадбир назарда тутилган. Улар орасида: ОИВни олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг инсон саломатлиги учун хавфсиз усулларини ўрганиш; ОИТСга қарши курашда халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш; республикада аҳолининг барча қатлами, айниқса қишлоқ аҳолисининг ОИВ инфекциясидан хабардорлик даражасини ошириш; аҳоли орасида ОИВ билан касалланганларни эрта аниқлаш мақсадида текширувлар қамровини ошириш ва бошқалар.
26.02.2022
Автор
Муҳаррир
Тез тиббий ёрдам ходимларини боди камералар билан таъминлаш бўйича тажриба-синов ишлари бошланди. Шу кунларда тез тиббий ёрдам имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида шу соҳа тиббиёт ходимларини боди камералар билан таъминлашнинг тиббий-ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиш бўйича тажриба-синов ишлари бошланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг хабар қилишича, бундан мақсад тиббий хизмат кўрсатишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бемор ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, тиббий хизмат сифатини янада оширишдир. Ушбу боди камералар тиббиёт ходимларининг таҳдид ва тажовузга учраши эҳтимолининг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, Санитар авиация хизмати учун замонавий вертолётлар харид қилиниши режалаштирилган. Ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этиш мақсадида санитар авиация хизматидан фойдаланиш тартиби тасдиқланиб, санитар вертолётни тиббий анжомлар билан жиҳозлаш спецификацияси ишлаб чиқилди. Ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб боряпти. Масалан, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда – 8,7 миллион. 2018 йилда эса 9,8 миллионга етган. Ўтган йилда эса мурожаатлар сони ўн миллиондан ошган. Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига ҳам мурожаатлар кўпаймоқда. Жумладан, 2017 – 2019 йилларда ушбу шифо масканларига 7,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган. Улардан 2,5 миллион нафари стационар, 5 миллиондан ортиғи эса амбулатор тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлган. Стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғига юқори технологияли мураккаб хирургик амалиётлар бажарилган.