
Пул топаман деб, дард топдим…
30.12.2020Ёшим 28 да. Оила қуришим керак. Шароитим тўғри келмагани сабабли, дўстимнинг хорижга бориб, даромад топиш тўғрисидаги таклифига рози бўлдим. Уйдагилар билан келишган ҳолда чет давлатга йўл олдим.
У ерга бориш ҳам осон бўлмади. Молиявий шароитим туфайли йўлкирани, тез орада қайтариш шарти билан, қариндошларимдан олишга тўғри келди. Асрор билан Москва шаҳрига учиб келдик. У ерда Зафар ака деган ўзбек йигити билан танишиб, ундан иш топиб беришни сўрадик. У киши бизларни шаҳардан ташқарида жойлашган ўрмон хўжалигига дарахт кесиш учун олиб борди. У ерда Асрор билан вагончаларда яшаб, уч ой ишладик, даромадимиз қониқарлилиги туфайли уйга пул ҳам жўнатиб турдик.
Қиш ҳам туша бошлади. Бир куни иситмам кўтарилиб, соғлигим ёмонлашди. Дори ичсам, иситмам тушиш ўрнига, аксинча яна кўтариларди. Бир аёл ёлланма ишчиларга овқат тайёрлаш учун тайинланган эди. Менинг аҳволимни кўриб, у: «Бетоб бўлсанг мен билан юр, сени даволайман, соғайсанг ишга қайтиб келасан», деди. У билан кетдим. Аёл менга яхши қаради. Иссиқ кийим берди, ҳар куни иссиқ овқат тайёрларди. Секин-аста кўнгилхушликка берилганимни ҳам билмай қолибман.
Орадан икки йил ўтди. Уйга ҳам пул юборишга имконим бўлмади. Ишга қайтдим. Кунлар ортидан кунлар ўтиб, мен ўзимни ёмон ҳис эта бошладим. Яшаш жойимиз яқинидаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Шикоятимни тинглаган шифокор ОИВ инфекцияси текширувига қон намунаси топширишимни сўради ва бу касаллик тўғрисида маълумот берди. Қон топширдим. Натижаси уч кундан кейин чиқаркан. Шу уч кунда нима хаёллар бошимдан ўтмади, дейсиз!
Учинчи кун ҳам келди. Шифокор ҳузурига бордим. У таҳлил натижаси «мусбат» эканини, қонимда ОИВ инфекция борлигини айтди. Унинг қистови билан бошимдан ўтказганларимни айтиб бердим. Билсам, аёл бир неча йилдан бери назоратда турар экан. Бу бедаво касаллик эканини тушунгандек бўлиб, аҳволим келажакда қандай кечишини тасаввур қилганимда ичимдан нималар кечгани фақат ўзимга ва Яратганга аён. Хорижда ишлаб, бойлик тўплайман, деб келиб, топганим шу касалликни даволаш учун ишлаб йиққан пулим урвоқ ҳам бўлмаслигини англаб, яқинларим олдида ким бўлганиму келажакдаги ҳаётимни ўйлаб, қўрқиб кетганимдан ўтирган жойимдан тура олмай қолдим.
Ватанимга қайтиш-қайтмасликни билмайман. Бормасам, ота-онам кўзлари тўрт бўлиб кутишмоқда, борсам, уларнинг орзусини рўёбга чиқариш учун уйланишим зарур, бироқ амалда эса бунинг имкони йўқ… Ўйламай босган биргина қадамим менга қанчалик «қимматга» тушганини тасаввуримга сиғдира олмаяпман. Нима қилишга бошим қотган, маслаҳат берадиган яқинларим ҳам ёнимда йўқ.
«Соғлиқ» деб аталмиш бебаҳо неъматнинг қадрига кеч етдим.
Бу кечинмаларни ёзишдан мақсадим, ҳар бир инсон навбатдаги қадамини ўйлаб қўйсин. Шунда келажакда менинг ҳолимга тушмаслиги аниқ.
Манба: интернет маълумотлари асосида