Халқаро ҳамжиҳатлик, умумий масъулият!

Халқаро ҳамжиҳатлик, умумий масъулият!

29.12.2020 0 Автор Муҳаррир

 

Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни ҳар йили 1 декабрда нишонланади. Ушбу кунда дунё бўйлаб одамлар ОИВ инфекцияси билан касаллаган инсонларни қўллаб-кувватлаш учун бирлашадилар ва ОИТС билан боғлиқ касалликлардан вафот этганларни эслайдилар. Бутун дунё бўйича 1 декабрни байрам сифатида нишонланиши, касаллик тарқалишини олдини олишда умумий масъулиятни ошириш, ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.
2020 йилда бутун дунё хамжамияти бор эътиборини COVID-19 пандемиясини одамлар ҳаёти ва фаровонлигига қандай таъсир кўрсатаётганлигига қаратди. Ушбу пандемия бизга яна бир бор соғлиқни сақлаш инсон хуқуқлари, гендер тенглиги, ижтимоий химоя ва иқтисодий ўсиш каби бошқа муҳим масалалар билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатди. Шунинг учун, бу йил бутунжахон ОИТСга қарши кураш куни шиори “Халқаро ҳамжиҳатлик, умумий масъулият” деб белгиланади.
Дунё бўйлаб ОИВ эпидемияси масштабларининг ўсиши, хозирги кунгача махсус профилактика (вакцина)нинг йўқлиги, ҳақли равишда бу касалликни инсониятнинг жиддий глобал муаммолари қаторига киритиш мумкин.
ОИВ инфекцияси юқумли касаллик эканлигини инобатга олиб, ҳар бир инсон ўзи ва оиласини ушбу инфекциядан ҳимоялаши учун, ОИВ инфекцияси ва ОИТС тўғрисида билимга эга бўлиши, яъни бу қандай касаллик эканлиги, юқиш йўллари ва бу касалликни юқишини олдини олиш тўғрисида билиши лозим.
1 декабрь –Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан ўқув муассасаларида “Халқаро ҳамжиҳатлик, умумий масъулият” шиори остида савол жавоб кечалари, расмлар конкурси, спорт мусобақаси ва турли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Шунингдек, сана муносабати билан аҳоли гавжум жойларда акциялар ўтказилиб, тарғибот материаллари (эслатма ва буклетлар) тарқатилмоқда. ОИВ инфекцияли ёш болалар учун театрлашган байрам спектакллари ташкил қилинди. Ахоли ва ёшлар томонидан ОИВ инфекцияси/ОИТС бўйича бериладиган саволларга жавоб бериш учун марказнинг +99899-500-10-03 рақамли мобил “Ишонч телефони” куну тун ишлаб турибди.
ОИВ инфекцияси юқишини олдини олишда энг муҳими соғлом турмуш тарзини кечириш, гиёҳвандлик ва зарарли одатларнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти тўғрисида ҳамкорликда тарғибот тадбирларини янада кучайтириш лозим.
ОИВ инфекцияси сурункали касаллик, уни бутунлай даволаш имкони хали мавжуд эмас. Шу сабабли, беморлар бутун умрлари давомида тиббий ёрдамга муҳтож бўладилар. Ҳозирги кунда дунёда касалликни махсус даволаш усули (ретровирусга қарши терапия ) амалиётга татбиқ қилинган бўлиб, муолажалар натижасида ОИВ инфекциясини юқтирган одамлар бутунлай яхши бўлмайди, уларнинг умри узаяди, ҳаёт сифати яхшиланади.
Вилоятимизда ОИВ касаллигининг тарқалиши бўйича эпидемиологик вазият барқарор, лекин бу касалликнинг битта қайд қилиниши ҳам катта ижтимоий муаммо, фожиали холат эканлигини эътиборга олиб, ҳар биримиз ОИТС касаллигини профилактикасига қаратилган чораларни амалга ошириш учун масъулмиз.

Б. НОРМЕТОВ,
Хоразм вилоят ОИТСга қарши кураш
маркази бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди.