“Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори

“Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори

22.06.2018 0 Автор Муҳаррир

Ўзбекистон Республикасида кейинги йилларда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлашуви ва ОИВ инфекцияли шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг таъминланишига қарамасдан, ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича бир қатор долзарб масалалар ўз ечимини кутмоқда.

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини замонавий ва янги сифат даражасига олиб чиқиш мақсадида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қуйидаги йўналишдаги мажмуавий чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутган:

ОИВ инфекциясининг тарқалиши сабаблари ва шароитларини ҳудудлар кесимида мунтазам таҳлил этиш, миллий анъана ва маънавий-аҳлоқий асосларни инобатга олган ҳолда аҳолининг кенг қатламлари орасида мазкур касалликнинг тарқалишини олдини олиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

ҳудудлар хусусиятларидан келиб чиқиб, маҳаллий молиявий, моддий ва кадрлар ресурсларини сафарбар қилинишини кўзда тутувчи ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича ҳудудий чора-тадбирлар режаларини қабул қилиш;

мамлакатда ОИВ инфекцияси профилактикаси, ташҳисоти ва уни даволаш соҳаларида маҳаллий илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг натижаларини соғлиқни сақлаш амалиётига тадбиқ этишни таъминлаш, шунингдек, соҳа бўйича етакчи хорижий илмий тадқиқот марказлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

ОИВ инфекцияси ва ёндош касалликларни аниқлаш учун замонавий диагностикумлар ва тест-системаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу жумладан, инвестицияларни жалб этиш ва давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш;

кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, мазкур йўналишда етакчи халқаро таълим ва илмий муассасалар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликдаги илмий-амалий тадбирларни амалга ошириш;

юқори сифатли ретровирусга қарши дори воситаларини харид қилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш улушини босқичма-босқич ошириб бориш;

ОИВни юқтириб олганларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни кучайтириш, шунингдек, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган болаларни қуруқ сут аралашмалари билан узлуксиз таъминлаш тизимини яратиш;

ОИТСга қарши кураш муассасаларининг, шу жумладан, туманлараро ОИВ диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;

ОИВ инфекциясига қарши кураш бўйича фаолиятни тизимли таҳлил этиш ва тадбирларни режалаштириш учун тиббиёт муассасалари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш.

Ушбу Қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида кутилаётган натижалар:

аҳолини ОИВ инфекциясига ва ёндош касалликларга текширувлар билан қамраб олишни амалга ошириш орқали мамлакатда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазиятни барқарорлашувини мустаҳкамлаш;

ОИВ инфекцияси диагностикаси ва даволаш тадбирлари самарадорлигини ошириш, ОИВ инфекцияли шахсларда касаллик ташҳиси тасдиқланиб, диспансер назоратига олинган вақтдан бошлаб махсус даволаш стратегиясини амалга ошириш мақсадида ОИВ инфекцияли шахсларни ретровирусга қарши терапия билан босқичма-босқич қамраб олишни давом эттириш;

ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу борадаги сертификатига эга бўлиш;

дискордант (жинсий шерикларнинг бири ОИВ юқтириб олган) жутфликларнинг ОИВ манфий бўлган шеригига ретровирусга қарши препаратлар билан махсус профилактика ўтказишни амалиётга тадбиқ этиш;

ОИВга ихтиёрий маслаҳат ва тиббий текширувдан ўтиш қамровини ошириш ва касалликни олдини олишнинг янги услубларини тадбиқ этиш, шу жумладан, олис ҳудудлар ва аҳоли гавжум жойларда кўчма лабораториялардан фойдаланиш, ОИВ масалалари бўйича индивидуал ва конфиденциал маслаҳатлар бериш учун “ишонч телефонлари”ни ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида ОИВ инфекцияси мавзусини ёритишнинг замонавий ёндошувларидан фойдаланиш, умумтаълим мактаблари, коллежлар ва олий таълим муассасалари ўқув дастурларига ОИВ инфекцияси масалаларини киритиш;

фуқаролик жамияти ташкилотлари, дин вакиллари етакчиларини ОИВ инфекциясига қарши кураш соҳасидаги профилактика тадбирлари, ахлоқ-одоб меъзонларини шакллантириш, хавфли хулқ атвор шаклланишини олдини олиш, ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахсларга нисбатан бағрикенглик муносабатида бўлиш борасидаги ахборот-маърифий тадбирларга жалб этиш;

статистик маълумотларнинг аниқлиги ва сифатли тайёрланиши ҳамда тадбирларни самарали амалга ошириш учун ОИТСга қарши кураш хизматида ахборот алмашинувининг тезлиги ва самарадорлигини ошириш;

ОИВ инфекцияси диагностикасида ва беморларни даволашда сифатли, арзон диагностикумлар, тест-системалар ва реагентлар билан таъминотнинг узлуксизлигини таъминлаш;

даволанишга муҳтож ОИВ инфекцияли шахсларни антиретровирус терапия билан қамраб олиш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;

давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг ОИВ инфекцияси масалалари бўйича малакасини ошириш;

аҳолини ОИВ инфекцияси масалалари бўйича хабардорлигини ошириш ва уларда ОИВ инфекцияли шахсларга нисбатан бағрикенглик муносабатини шакллантириш.

Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда ОИВ инфекциясини тарқалишини олдини олиш тадбирларини янада кучайтириш ишларини амалга оширишда Давлат бюджети ҳисобидан 4.211 млрд. сўм ва 3.359 млн. АҚШ долларини ҳамда Глобал жамғарманинг 5.669 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Қарор ОИВ инфекцияли шахсларни эрта аниқлаш, касалликни бошқаларга юқишини олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларни тез амалга ошириш ва беморларни самарали даволаш ҳамда уларга зарур бошқа тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича янги сифатли босқич бўлиб хизмат қилади ва мамлакатнинг халқаро ҳамжамият олдида ОИВ инфекциясига қарши курашиш бўйича олган мажбуриятларини тўлақонли бажарилишини таъминлайди.

Манба: http://med.uz/spid/